Мюнхеннинг «Бавария» клуби мутасаддилари жамоа таркибини кучайтириш зарур деб ҳисобламоқда. Сўнгги кунларда ўтказилган ички таҳлиллар жамоада захира кучи (таркиб чуқурлиги) билан боғлиқ жиддий муаммолар борлигини кўрсатди. Бу ҳақда Bayern & Germany нашри хабар бермоқда.
Клуб раҳбариятининг ишончи комилки, Чемпионлар лигасида ғолиб чиқиш учун мураббий ихтиёрида кўпроқ маҳоратли футболчилар бўлиши лозим. Бунга мисол тариқасида 2020 йилда «требл» қайд этган таркиб келтирилган. Таъкидланишича, жорий мавсумда жамоа устози Венсан Компанида таркиб ротацияси учун имкониятлар, бундан олти йил аввал Ханс-Дитер Фликда бўлган имкониятларга қараганда анча кам бўлган.
Ушбу муаммони ҳал қилиш учун «Бавария» ҳужум чизиғига бир нечта янги футболчиларни жалб этмоқчи. Айни дамда «Ньюкасл» аъзоси Энтони Гордон асосий мақсад бўлиб турибди. Шунингдек, захира қувватини ошириш учун бошқа трансферлар ҳам амалга оширилиши истисно этилмаган.













