Мадриднинг «Реал» клуби «Сантьяго Бернабеу» стадионида ўтказилган концертлар бўйича суд ишида ғалаба қозонганини эълон қилди. Мадрид вилоят суди «қаймоқранглилар»нинг апелляциясини тўлиқ қаноатлантирди.
Суд қарорига кўра, стадионда концертлар ташкил этилиши муносабати билан на клуб раҳбарияти ва на стадионни бошқарувчи компания жиноий жавобгарликка тортилмайди. Иш расман ёпилди, тергов эса бутунлай тўхтатилди.
Суд қарорида таъкидланишича, шовқин даражасининг меъёрда бўлиши учун жавобгарлик стадионда тадбирларни тайёрлаш ва ўтказиш билан шуғулланган ташкилотчи компаниялар зиммасидадир. Бундан ташқари, суд шовқин меъёрларининг бузилиши ўз-ўзидан жиноий таъқиб учун асос бўла олмаслигини қайд этди.
«Реал» ушбу қарордан мамнун эканлигини билдирди. Клуб баёнотида айтилишича, берилган даъво «асоссиз бўлган ва босим ўтказиш воситаси сифатида ишлатилган».













