“Сабаҳ” клуби кетма-кет иккинчи марта Озарбайжон Кубоги ғолиби бўлди. Жамоа сафида Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиси Умарали Раҳмоналиев фаолият юритади.
“Бойқушлар” финалда кичик камбек амалга ошириб, “Зира” жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Биринчи бўлимда 0:1 ҳисобида имкониятни бой берган “Сабаҳ” иккинчи бўлимда Орфе Мбина ва Жой-Ленс Микельснинг голлари эвазига ғалаба қозонди.
Аввалроқ жамоа Премьер Лига якунланишига 4 та тур қолганда ўз тарихида илк бор мамлакат чемпионига айланган эди. Шу тариқа Боку шаҳри жамоаси жорий мавсумда “олтин дубль”ни расмийлаштирди.
Эслатиб ўтамиз, “Сабаҳ” 2025-йилда мамлакат Кубоги финалида “Қорабоғ”ни мағлуб этиб, бош совринни қўлга киритган эди.
Маълумот учун, Умарали Раҳмоналиев клубининг асосий футболчиларидан бири сифатида мамлакат чемпионати ва Кубогидаги муваффақият учун муносиб ҳисса қўшди. Ярим ҳимоячи Озарбайжон клуби сафида жами 35 та ўйинда майдонга тушиб, 6 та гол ва 2 та голли узатмани амалга оширди.
Озарбайжон чемпиони сифатида “Сабаҳ УЕФА Чемпионлар Лигасининг 2026-2027-йилги мавсум саралаш босқичида иштирок этади”.













