Франция Лига 1 доирасида «ПСЖ» сафарда «Ланс» устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, навбатдаги чемпионликни нақд қилди. Ушбу муҳим баҳсда парижликлар дарвозасини россиялик Матвей Сафонов қўриқлади.
Учрашувдан сўнг жамоа бош мураббийи Луис Энрике дарвозабоннинг ҳаракатларига алоҳида тўхталди.
«Матвей бу ўйинда ўзини кўрсата олди. Эҳтимол, унинг ўйини кимларнидир ҳали ҳам ҳайратлантираётгандир, лекин мени эмас. Аввал ҳам айтганимдек, жамоамизда учта юқори даражадаги дарвозабон бор. Футболчиларимиз ҳар бир баҳсда ўзларини кўрсатишлари шарт», — дея испаниялик мутахассиснинг сўзларини келтиради Lequipe нашри.
Маълумот учун, Сафонов жорий мавсумда Лига 1 доирасида 14 та учрашувда майдонга тушиб, ўз дарвозасидан 12 та тўп ўтказиб юборди. «ПСЖ» эса ушбу ғалабадан сўнг муддатидан олдин мамлакат чемпионлигини қўлга киритди.













