«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола ярим ҳимоячи Нико Гонсалеснинг сўнгги пайтларда нега майдонда кўринмаётгани ҳақидаги саволга жавоб берди. Эслатиб ўтамиз, Премьер-лиганинг «Кристал Пэлас»га қарши баҳсида (3:0) испаниялик футболчи ҳатто қайдномага ҳам киритилмаган эди.
Гвардиоланинг таъкидлашича, бу футболчининг ҳолати билан эмас, балки жамоадаги рақобат билан боғлиқ.
«У билан ҳаммаси жойида. Лекин ҳозир бутун таркибимиз соғлом бўлгани учун кўплаб футболчиларни четда қолдиришга мажбур бўляпман. Баъзида шундай бўлиб туради», — дея мутахассиснинг сўзларини келтиради City Report.
Шунингдек, мураббий тактик ўзгаришлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Унга кўра, Бернарду Силванинг таянч зонасидаги ҳаракатлари маъқул келгани сабабли, «бургутлар»га қарши баҳсда ҳам шу тажрибадан фойдаланишга қарор қилган.
Маълумот учун, 24 ёшли Нико Гонсалес жорий мавсумда барча турнирлар доирасида 40 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 2 та гол ёздириб қўйган.













