Бугун, 14-май куни Руминия пойтахти Бухарест шаҳрида шахмат бўйича Grand Chess Tour 2026 туркумига кирувчи халқаро турнирнинг иккинчи босқичи — 2026 Super Chess Classic Romania мусобақаси старт олади.
Мазкур нуфузли мусобақада жаҳоннинг энг кучли 10 нафар гроссмейстери ғолиблик учун баҳс олиб боради. Эътиборли томони шундаки, улар орасида Ўзбекистон вакили Жавоҳир Синдоров ҳам бор. Унда Жавоҳирга Фабиано Каруана, Аниш Гири, Винсент Кеймер, Алиреза Фирузжа, Уесли Со, Рамешбабу Прагнандҳа, Богдан Даниел, Максим Ваше-Лаграв ва Жордан ван Форест каби шахматчилар рақиблик қилади. Турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 475 минг АҚШ долларини ташкил этади.
23-майга қадар давом этадиган мазкур босқичнинг илк партиялари бугун, 14-май куни Тошкент вақти билан соат 18:00 да старт олади.
Маълумот учун, Grand Chess Tour 2026 туркумига кирувчи халқаро турнирнинг биринчи босқичи Полша пойтахти Варшава шаҳрида бўлиб ўтган бўлиб, унда америкалик Ҳанс Ниеман чемпионликни қўлга киритган эди. Жавоҳир Синдоров эса умумий 16,5 очко билан 7-поғонани банд этган эди.













