«Челси» ярим ҳимоячиси Энцо Фернандес «Манчестер Сити»га қарши бўлиб ўтадиган Англия Кубоги финалидан нималар кутаётгани билан ўртоқлашди. Учрашув бугун «Уэмбли» стадионида бўлиб ўтади ва Тошкент вақти билан соат 19:00 да старт олади.
«Мен жуда ҳаяжондаман. Ҳамиша совринлар ютишни орзу қиламан ва ҳар куни шу мақсад йўлида меҳнат қиламан. Клуб учун ҳам, ўз фаолиятим учун ҳам ҳамиша ғалаба қозонишни истайман. Финал олдидан руҳиятим жуда юқори ва ғалаба қозонишга бўлган ишончим комил», – дея аргентиналик футболчининг сўзларини келтирмоқда Англия ОАВлари.
Ўтган мавсумда Энцо Фернандес «Челси» сафида Конференциялар лигаси ва Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолибига айланган эди. «Манчестер Сити» эса, ўз навбатида, жорий мавсумда аллақачон битта совринни – Англия лига кубогини қўлга киритиб улгурди.













