Кириш Регистрация

Уэйн Руни Жордан Пикфорднинг зарбасини қайтараман деб жароҳат олди. Унга операция керак бўлиши мумкин

Баҳо:
+ | -

Англия терма жамоаси ва «Манчестер Юнайтед» клубларининг собиқ сардори Уэйн Руни қўл билагидан жиддий жароҳат олди. Эндиликда у жарроҳлик амалиётини ўтказиши мумкин. 40 ёшли собиқ футболчи Англия кубоги финал учрашуви пайтидаги телекўрсатувда қўлига гипс боғланган ҳолда кўриниш берган.

Маълум бўлишича, ушбу нохуш ҳодиса «Эвертон» клуби базасида кўрсатув суратга олинаётган вақтда юз берган. Суратга олиш жараёнида Руни дарвозага турган, ливерпулликлар посбони Жордан Пикфорд эса унга қараб кучли зарба йўллаган. Руни тўпни қайтаришга муваффақ бўлган, бироқ шундан сўнг қўлида кучли оғриқ ҳис қилган.

«Кўриб турганингиздек, «Эвертон» машғулотида дарвозада тургандим. Мана бу сейвга эътибор қаратинг. Зарбани қайтардим ва қўлимни шикастлаб олдим. Шу сабабли, душанба куни жарроҳ билан учрашаман. Операция зарур ёки зарур эмаслиги ўшанда маълум бўлади», — дея таъкидлаган Руни BBC телеканали эфирида.

Телебошловчи сифатида қатнашаётган Англия терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Майка Ричардс ҳамкасбининг бу ҳаракатига ҳазил аралаш муносабат билдириб: «Сен ўзи қачондир улғаясанми?» — деб сўраган. Руни эса бунга табассум билан: «Жуда оғриқли бўлди, лекин ҳаммаси яхши бўлади», — дея жавоб қайтарган.

Шунингдек, Уэйн Руни олган жароҳати туфайли бармоғи шишиб кетгани ва шу сабабли вақтинча никоҳ узугини ҳам тақолмаётганини қўшимча қилган.

Киритилди: 18:10, 17.05.2026.
Ўқилди: 1324 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик