Келаётган ёзда «Барселона» ярим ҳимоячиси Френки де Йонг атрофида янги трансфер эртаги бошланиши мумкин. 29 ёшли футболчи «Бетис»га қарши ўйин қайдномасига киритилмади — тахминларга кўра, бош мураббий Ханс-Дитер Флик унга дам берган.
«Менинг сезишимча, де Йонг шу ёзда «Барселона»ни тарк этади», — дея машҳур журналист Хулио Мальдонадо телетрансляция давомида икки бор таъкидлади. Унинг сўзларидан Barca Universal нашри иқтибос келтирмоқда.
Френки де Йонг 2019 йилдан буён Каталония клуби шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Аввалги йилларда ярим ҳимоячининг Англиянинг топ-клубларидан бирига ўтиши ҳақидаги хабарлар тез-тез пайдо бўларди. Жорий мавсум давомида футболчи «Барса» билан 2029 йилгача мўлжалланган янги шартнома имзолаган эди.













