Лондоннинг «Челси» клуби янги бош мураббийи Хаби Алонсо жамоада масштабли қайта қуришни бошлаш арафасида. Испаниялик мутахассис ўзига яхши таниш бўлган ходимлардан иборат янги мураббийлар штабини шакллантириш ниятида. Бу ҳақда нуфузли talkSPORT нашри хабар бермоқда.
Манбанинг берган маълумотига кўра, Алонсонинг штабидан Мадриднинг «Реал» клуби тизимида у билан бирга фаолият олиб борган бир қатор мутахассислар жой олади. Улар орасида ассистент Себастьян Паррилья, мураббийлар Альберто Энсинас ва Беньят Лабайен, шунингдек, жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Исмаэль Каменфорте Лопес бор.
Қайд этилишиca, Паррилья Алонсонинг узоқ йиллик маслаҳатчиси ҳисобланиб, у билан «Реал» академиясидаги мураббийлик фаолиятининг илк кунларидан буён бирга ишлаб келмоқда. Энсинас илгари «Барселона» академиясида фаолият юритган бўлса, Лабайен Мадрид клуби тизими ва ёшлар жамоаларида тажриба тўплаган.
Шу билан бирга, Хаби Алонсо «Челси»нинг амалдаги ходимларидан бир қисмини сақлаб қолишни режалаштирмоқда. Улар орасида вақтинчалик бош мураббий Калум Макфарлейн, стандарт вазиятлар бўйича мураббий Бернардо Куэва ва дарвозабонлар мураббийи Бен Робертс бор.













