Раҳим Стерлинг «Фейеноорд» клубига трансфер қилинганидан сўнг ҳали бирорта ҳам гол ура олмади.
Ярим ҳимоячи лондонликларнинг «Челси» клуби билан шартномасини бекор қилгач, қишки трансфер ойнасида Роттердам жамоаси сафига келиб қўшилган эди. Нидерландияда у шу кунгача 8 та ўйинда майдонга тушиб, фақатгина 1 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Англиялик футболчи 2024 йилнинг сентябрь ойидан бери рақиблар дарвозасини ишғол қила олмаяпти.
«Баъзи вазиятларда унинг омади келмади. Аммо у жуда қулай позицияларга чиқиб борган ҳолатлар ҳам бўлди.
Шахсан менга унга нисбатан бўлаётган бундай пичинг ва кинояли муносабат умуман ёқмаяпти. Менимча, бу вазиятда унга ҳурмат кўрсатиш тўғрироқ бўларди. Унинг атрофидаги бундай салбий муҳитдан ранжияпман. У Англияда 200 та гол урган, терма жамоа сафида 82 та халқаро учрашувда майдонга тушган. Унинг ўйини сизга ёқадими ёки йўқми — бунинг аҳамияти йўқ. Биз футбол миллати сифатида бундай ҳолатларга мана шундай муносабатда бўлаётганимиз мутлақо нотўғридир», — деди «Фейеноорд» бош мураббийи Робин ван Перси.













