Аввал хабар қилиб ўтганимиздек, иккинчи босқич баҳслари бошланганда Краевнинг соғлиғида кутилмаганда муаммолар пайдо бўла бошлади. Тиббий текширувлар натижасида футболчи бошини (миясини) операция қилдириши кераклиги ойдинлашди.
Албатта футболчининг бундай касалликка учраши миллионлар ўйинида камдан-кам содир бўлади. Афсуски, Краев жарроҳлик столига ётишга мажбур. Боз устига бундай операция Москвада қилиниши талаб этилмоқда. Шу боис айни пайтда футболчига руҳий ҳамда моддий ёрдам керак.
Ҳозирда "Андижон" жамоаси мураббийлари, у билан бирга тўп сурган футболчилар ва яқинлари Краевга ҳар тарафлама ёрдам беришга тайёр. Қолаверса, унинг номига ҳисоб рақами очилди ва футболчининг даволанишида моддий ёрдам беришни хоҳлаган инсонлар унинг ҳисоб-рақамига маблағ ўтказишлари мумкин. Шуни айтиш керакки, жамоадошига ёрдам қўлини чўзиш мақсадида “Андижон” клуби мураббийлари ва футболчилари мукофот пулларини тўлалигича Краевнинг ҳисоб-рақамига ўтказишга қарор қилдилар. Бундан ташқари 6 сентярбь куни “Андижон” ва "Зарафшон" жамоалари ўртасида бўлиб ўтадиган учрашув олдидан "Соғлом авлод" стадионида Дмитрий Краевнинг даволаниши учун хайрия концерт тадбири ташкил этилади. Бундан тушадиган маблағ ҳам футболчининг ҳисоб рақамига ўтказилади.
Шу ўринда Краевнинг фаолиятига ҳам тўхталиб ўтсак. У 1984 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Шу кунгача футболчи олий ва биринчи лиганинг бир қатор жамоаларида фаолият олиб борган. Краев олий лигада “Динамо”, “Локомотив”, биринчи лигада эса “НБУ-Осиё”, “Хорзам”, “Хива” жамоалари шарафини ҳимоя қилган. Жорий мавсум “Андижон” сафида у 19та учрашув майдонга тушиб рақиблар дарвозасига битта тўп киритди.
"Андижон" жамоасининг мураббийлари, футболчилар ва ходимлари ҳамда мухлислар номидан Дмитрий Краевни тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз.
Ҳисоб рақами:
АКИБ “Ипотека Банк”
Тошкент ш. Мустақиллик кўчаси, 15
ҳ/р 20206000599007302901
Ипотека банк, МФО 00419
Сберкасса№1 ИНН-201961469