«Сельта» клуби Яго Аспас футболчилик фаолиятини якунлаганидан кейин ҳам клуб тизимида қолишини расман эълон қилди.
Виго клуби жамоанинг 38 ёшли сардори билан шартномани 2027 йилгача узайтирганини маълум қилди. Келаси мавсум якунида Аспас расман фаолиятига якун ясайди ва «Сельта» тизимида раҳбарлик лавозимларидан бирини эгаллайди.
«Яго Аспас ўз ҳаётининг мазмунига айланган клуб билан шартномасини узайтирди. У буни худди афсоналарга хос тарзда — ҳам бугунги кун, ҳам келажак учун масъулиятни бўйнига олган ҳолда амалга оширди. У 2029 йилгача мўлжалланган битимга имзо чекди ва яна бир мавсум давомида майдонда «Сельта» шарафини ҳимоя қилишда давом этади. Майдонни тарк этганидан кейин эса у яна клубга қайтади ва унинг бошқарув тизимига қўшилади.
Бир пайтлар «Сельта» сафида чиройли гол уришни орзу қилган Моаньилик болакай, якунда бутун бир мухлислар армиясининг юраги ва қалбига айланди. Имконсиз нарсаларни оддий ҳолга айлантира олган академия тарбияланувчиси ҳеч қачон ишонишдан тўхтамади ва бутун бир авлодни «Сельта»га мухлислик қилиш туйғуси ва фахри билан улғайишига сабабчи бўлди. У билан бирга унутилмас оқшомлар тарихга муҳрланди, унинг голлари эса ишқибозлар хотирасининг ажралмас қисмига айланди. Рекордлар янгиланди, тарихий учрашувлар ўтказилди ва ушбу эмблемага нисбатан ноёб тушунча шаклланди. Клуб тарихидаги энг яхши тўпурар, мовий рангдаги либосни энг кўп кийган футболчи ва унинг характери ҳамда илдизларида ўзларини кўрадиган мухлислар учун мутлақ рамз.
Яго Аспас ва «Сельта» тарихи давом этади», — дейилади клуб расмий баёнотида.













