«Наполи» бош мураббийи Антонио Конте жамоадаги лавозимини тарк этади. Бу ҳақда таниқли инсайдер Фабрицио Романо хабар бермоқда.
Манба берган маълумотларга кўра, яқин вақт ичида томонлар ҳеч қандай товон пулисиз (компенсациясиз) ўзаро меҳнат шартномасини бекор қилишади. Конте шу дам олиш кунлари клубдан кетишини расман эълон қилиши кутилмоқда.
Антонио Конте «Наполи» клубини 2024 йилдан буён бошқариб келаётган эди. Унинг қўл остида жамоа Италия чемпионига айланди ва мамлакат Суперкубогида зафар қучди. Жорий мавсумда неаполликлар А Серия турнир жадвалида иккинчи ўринни эгаллаб туришибди — улар 37 та учрашувда ўз ҳисобларига 73 очко ёзиб қўйишга муваффақ бўлишди.
Сўнгги турда «Наполи» ўз майдонида «Удинезе»ни қабул қилади. Ушбу учрашув 24 май куни бўлиб ўтади.













