Испаниялик ҳужумчи Педро Родригес 2025/2026 йилги мавсум тугагач, Италиянинг «Лацио» клубини тарк этади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати X ижтимоий тармоғида маълум қилди.
«“Пиза”га қарши ўйин мен учун ушбу футболкадаги сўнгги учрашув бўлади. Сизларнинг барчангизни стадионда кўришга умид қиламан. Мен учун келишингизни истайман. Лекин тушунаман, бу йил ҳамма учун жуда оғир ва мураккаб бўлди ва мен сизларнинг қарорингизни ҳурмат қиламан.
Кўксимда ушбу эмблема билан бу футболкани кийиш мен учун катта шараф бўлди. Мен доим сизлардан бири бўлиб қоламан. Олға, “Лацио”!» — деди Родригес.
38 ёшли Педро 2021 йилдан буён «Лацио» сафида тўп тепиб келмоқда. Унинг бундан аввалги клуби Италиянинг «Рома» жамоаси бўлган.
Жорий мавсумда ҳужумчи Италия чемпионатида 28 та ўйин ўтказиб, 4 та гол ва 2 та голли узатма муаллифи бўлди. Шунингдек, унинг ҳисобида Италия Кубогидаги 4 та учрашув ҳам мавжуд.













