«Наполи» голкипери Алекс Мерет ёзги трансфер ойнасида клубни тарк этиши мумкин. 29 ёшли италиялик посбонга даъвогарлардан бири Лондоннинг «Тоттенхэм» клуби ҳисобланади, деб хабар бермоқда «Area Napoli» портали.
Лондонликларнинг Меретга бўлган қизиқиши илк бор 2023 йилда, клуб Уго Льорисга ўринбосар излаётган маҳалда пайдо бўлган эди, бироқ ўшанда неаполитанликлар дарвозабонни сотишни рад этишган. Натижада «шпорлар» «Эмполи»дан Гульельмо Викариони трансфер қилишган эди.
Манбанинг берган маълумотларига кўра, айни дамда вазият ўзгарган: жамоага Ваня Милинкович-Савич келиб қўшилганидан сўнг, Мерет асосий таркибдаги жойини йўқотди ва клубдан кетишга тобора яқинлашмоқда. Жорий мавсумда у барча турнирларда бор-йўғи 11 та учрашувда майдонга тушди, холос.
«Тоттенхэм»дан ташқари, юзага келган вазиятни Мадриднинг «Атлетико» клуби ва А Сериянинг бир нечта жамоалари ҳам диққат билан кузатиб боришмоқда.













