Конго Демократик Республикаси терма жамоаси мамлакатда Эбола вируси тарқалгани сабабли 2026-йилги жаҳон чемпионатидан четлатилиши мумкин. Бу ҳақда АС нашри хабар берди.
Оқ уйнинг Жаҳон чемпионати бўйича ишчи гуруҳи ижрочи директори Эндрю Жулианининг сўзларига кўра, Конго терма жамоаси айни пайтда машғулотлар ўтказаётган ва ўртоқлик учрашувлари режалаштирган Бельгияда карантинга олиниши керак. Акс ҳолда, жамоанинг турнирга мезбонлик қилувчи мамлакатларга кириши тақиқланиши мумкин.
“Биз Конго томонига 11 июнь куни Хюстонга етиб келишидан олдин 21 кунлик карантиндан ўтишлари шартлигини жуда аниқ тушунтирдик. Биз мамлакат ҳукуматини огоҳлантирдик: жамоа карантинга кириши шарт, акс ҳолда улар Қўшма Штатларга келиш имкониятидан маҳрум бўлиш хавфи остида қолади. Бундан ортиқ ва аниқроқ айтиб бўлмайди. Биз АҚШ ҳудудига ёки чегараларимиз яқинига ҳеч қандай хавф кириб келмаслигига ишонч ҳосил қилишни хоҳлаймиз”, дейди Жулиани.
Бундан олдин Конго терма жамоаси мамлакатдаги Эбола эпидемияси туфайли Киншасадаги йиғинларини бекор қилган ва уларни Бельгияга кўчиришга қарор қилган эди. Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичида жамоа Ўзбекистон, Португалия ва Колумбия жамоаларига қарши баҳс олиб боради. Конго иккита ўйинни АҚШда, биттасини эса Мексикада ўтказиши лозим. Турнир 11 июндан 19 июлга қадар бўлиб ўтади ва унга Канада ҳам мезбонлик қилади.
ЖССТ (Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти) 17 май куни Конго ва Угандадаги Эбола эпидемиясини халқаро аҳамиятга молик соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда ҳолат деб эълон қилди. Ҳозирда Конгода 750 га яқин кишида касалланиш ҳолати қайд этилган бўлиб, камида 177 киши вафот этган. Угандада эса битта ўлим ҳолати рўйхатга олинган. Қайд этилишича, у ўлимидан аввал Кампалага (Уганда пойтахти) келган ва Конго фуқароси бўлган.













