«Реал» ҳужумчиси Килиан Мбаппе ҳимоячи Давид Алабанинг мавсум якунида клубни тарк этиши муносабати билан унга илиқ тилаклар билдирди. 22 май куни Мадрид клуби расмий сайти 33 ёшли австриялик футболчи жорий мавсум якунида эркин агентга айланишини тасдиқлади.
Мбаппе ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Алаба билан хайрлашув ҳақида ёзиб, уни яқин дўсти деб атади:
«Биродарим, сен билан бу бобни ёпиш осон эмас. Сен нафақат ажойиб футболчи, балки инсон сифатида ундан ҳам устунсан. Авваллари рақиб бўлган бўлсак, ҳозир эса «Реал»да энг яқин шерикларимдан бирига айландинг. Ҳозир бемалол айта оламанки, сен — футбол менга совға қилган ҳақиқий дўстимсан. Келажакдаги ишларингда омад тилайман ва қиладиган ҳар бир қадамингни доимо қўллаб-қувватлайман», — дея ёзди Мбаппе.
Эслатиб ўтамиз, Алаба «қироллик клуби» сафига 2021 йилнинг ёзида келиб қўшилган эди. Ушбу давр мобайнида австриялик ҳимоячи «Реал» либосида 131 та учрашувда майдонга тушиб, 5 та гол ва 9 та голли узатмага муаллифлик қилди. У Мадрид жамоаси билан икки карра Испания чемпиони, икки карра Чемпионлар лигаси ва УЕФА Суперкубоги ғолиби, шунингдек, икки марта Испания Суперкубоги ва бир марта Испания Кубоги соҳибига айланган.













