Швециялик собиқ футболчи Златан Ибраҳимович ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқало оғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони, британиялик боксчи Тайсон Фьюрига қарши жанг ўтказишини расман маълум қилди.
Фаолияти давомида “Милан”, “ПСЖ” ва “Манчестер Юнайтед”да ўйнаган 44 ёшли швециялик ҳужумчи таэквондо бўйича қора белбоғ соҳиби бўлиб, жанговар спорт турларини жуда яхши кўради. У британиялик боксчи билан бирга тушган суратларини Instagram саҳифасига жойлаштириб, жанг қачон ва қаерда бўлишини эълон қилди.
“Тезкор хабар! Жанг 1 август куни Дублин (Ирландия) шаҳрида бўлиб ўтади”, деб ёзди швециялик собиқ ҳужумчи.
Ибраҳимович буни расмий баёнот сифатида тақдим этган бўлса-да, экспертлар ва мухлисларнинг фикри иккига бўлинган. Аудиториянинг бир қисми буни шунчаки кўргазмали шоу ёки йирик пиар деб ҳисобласа, бошқалар Златаннинг жанговар спорт турларидан хабари борлиги ва профессионал рингда ўзини синаб кўриш истаги борлиги ҳақида ёзмоқда. Сўнгги жангида россиялик Арсланбек Маҳмудовни мағлуб этган Тайсон Фьюри ноябрь ойида Энтони Жошуага қарши ўтказиладиган йирик чемпионлик жанги олдидан Ибраҳимович билан ўзига хос шоу-жанг ўтказади.













