Испания терма жамоаси душанба куни 2026 йилги жаҳон чемпионати учун таркибни эълон қилди. «Қизил фурия» рўйхатидан «Барселона» вингери Ламин Ямал ҳам жой олди.
Таркиб эълон қилинганидан кўп ўтмай, Ямал ижтимоий тармоқларда пост қолдирди. 18 ёшли футболчи Испания терма жамоаси либосидаги суратини жойлаштириб, икки оғиз сўз ёзди: «Вақт келди».
Маълумки, Ламин Ямал жароҳати туфайли 2025/2026 йилги клуб мавсумининг якуний қисмини ўтказиб юборган эди. Аввалроқ матбуотда Ямалнинг жаҳон чемпионатидаги илк ўйингача тикланиши қийинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.
Эслатиб ўтамиз, Испания терма жамоаси мундиалдаги юришини 15 июнь куни Кабо-Вердега қарши баҳс билан бошлайди.













