«Челси»нинг собиқ бош мураббийи Энцо Мареска «Манчестер Сити»ни бошқаради, деб хабар бермоқда инсайдер Фабрицио Романо.
Манбага кўра, 46 ёшли италиялик мутахассис «шаҳарликлар» билан 2029 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган шартнома имзолади. У келаси мавсум олдидан жамоанинг трансфер ишларида ҳам фаол иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, 22 май куни «Манчестер Сити» Хосеп Гвардиола мавсум якунида жамоани тарк этишини эълон қилган эди. Испаниялик мутахассис 2016 йилдан буён клуб бош мураббийи сифатида фаолият юритиб келаётганди.
Маресканинг охирги иш жойи «Челси» бўлиб, у 2026 йилнинг январида лондонликлар сафини тарк этган эди. Энцо Лондон клуби билан Конференциялар лигаси ҳамда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида зафар қучган.
Шунингдек, италиялик мутахассис фаолияти давомида «Лестер» ва «Парма» жамоаларини ҳам бошқарган. 2022 йилдан 2023 йилгача эса у «Манчестер Сити»да Хосеп Гвардиоланинг ёрдамчиси сифатида ишлаган.













