«Атлетико» ҳужумчиси Хулиан Альварес атрофидаги миш-мишлар ва бошқа топ-клубларнинг қизиқиши ортидан мадридликлар кескин чора кўришга қарор қилишди. Radio MARCA журналисти Роберто Гомеснинг хабарига кўра, клуб футболчига ультиматум қўйган.
«Матрасчилар» футболчининг яқинларига қуйидаги мазмундаги хабарни етказишган:
«Агар сизда таклифлар бўлса, уларни ҳозироқ тақдим этинг. 14 ёки 15 август ярим тунгача кутишнинг кераги йўқ. Келасиз ва қаерга ўтмоқчи эканлигингизни айтасиз».
«Атлетико» раҳбарияти трансфер ойнасининг сўнгги кунлари ёки соатларигача давом этадиган «трансфер эртаги»ни истамаяпти ва жамоа таркиби бўйича тезроқ аниқлик киритилишини хоҳламоқда.
Эслатиб ўтамиз, Хулиан Альварес 2024 йилда «Манчестер Сити»дан 75 миллион евро эвазига «Атлетико»га ўтган эди. Унинг амалдаги шартномаси 2030 йилнинг 30 июнигача мўлжалланган. Жорий мавсумда ҳужумчи барча мусобақаларда 49 та ўйинда майдонга тушиб, 20 та гол ва 9 та голли узатмани амалга оширди.













