Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумчиси Винисиус Жуниор жамоадаги келажаги борасидаги саволларга ойдинлик киритди. Бразилиялик футболчининг амалдаги шартномаси бир йилдан сўнг якунига етиши сабабли, оммавий ахборот воситаларида унинг клубни тарк этиши мумкинлиги ҳақида турли гап-сўзлар тарқалаётган эди.
Бироқ 25 ёшли ҳужумчи Мадриддан ҳеч қаерга кетмоқчи эмаслигини қатъий таъкидлади:
«Мен ўзимни ҳеч қачон «Реал»дан ташқарида тасаввур қилмаганман. Бу — менинг орзумдаги клуб. Шу боис ҳар бир лаҳзани қадрлайман. Доимо айнан шу ерда тўп суришни орзу қилганман. Ёш бўлишимга қарамай, жамоа сардорларидан бирига айланганим мен учун катта шараф. Бундай ҳолатлар кўп ҳам кузатилавермайди. Мен бу ерда умрбод қолишни истайман», — дея Винисиуснинг сўзларини келтиради Madrid Xtra.
Эслатиб ўтамиз, Винисиус якунланган мавсумда «қаймоқранглилар» сафида 53 та ўйинда майдонга тушиб, 22 та гол урди ва 14 та голли узатмани амалга оширди.













