Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумчиси Винисиус Жуниор ўз жамоадоши, ёш иқтидор эгаси Эндрик билан бўлган суҳбатларини эслади. 19 ёшли ҳужумчи мавсумнинг иккинчи ярмини ижара асосида «Лион» сафида ўтказиб, ўзини кўрсата олди ва шу сабабли терма жамоа бош мураббийи Карло Анчелотти томонидан Жаҳон чемпионати учун қайдномага киритилди.
Винисиуснинг айтишича, ёш ҳужумчи мундиалга бориш орзуси билан уни тинч қўймаган:
«Эндрик Жаҳон чемпионатига чақирилиш-чақирилмаслиги ҳақида сўраб, доимий равишда асабимга тегарди. У менинг бу борада нима деб ўйлаётганимни билмоқчи эди. Мен эса унга доим: «Хотиржам бўл, сен биз билан бўласан», дердим», — дея Винисиуснинг сўзларини келтиради CazeTV.
Маълумот учун, Эндрикнинг трансфер ҳуқуқлари «Реал»га тегишли. Ёш ҳужумчи ҳозиргача Бразилия терма жамоаси сафида 15 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол ва 2 та голли узатмага муаллифлик қилган.













