«Локомотив» ҳужумкор ярим ҳимоячиси Алексей Батраков Франциянинг «ПСЖ» клубига ўтишга яқин турибди. Бу ҳақда таниқли агент Тимур Гурцкая «Это футбол, брат!» кўрсатувида маълум қилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, аввалроқ Гурцкая россиялик футболчининг Франция чемпиони сафига ўтишига ишонмаётган эди.
«Ҳозир ҳеч нарсани олдиндан эълон қилмоқчи эмасман, вақти келганда айтаман. Лекин, афсуски, тез орада қора водолазкада кечирим сўраб чиқишимга тўғри келишидан қўрқяпман. Чунки Батраковнинг "ПСЖ"га ўтиши жуда яқин», — деди агент.
Шунингдек, Гурцкаянинг таъкидлашича, «ПСЖ» футболчини сотиб олганидан сўнг дарҳол бошқа клубга ижарага бериб юбориши мумкин.
Якунланган мавсумда 20 ёшли Батраков барча турнирларда 36 та ўйинда майдонга тушиб, 17 та гол урди ва 12 та голли узатмага муаллифлик қилди. Transfermarkt портали футболчининг бозор қийматини 28 миллион еврога баҳоламоқда.













