«Кристал Пэлас» ўз тарихидаги энг ёрқин даврлардан бирини бошдан кечирмоқда. Чоршанба куни Лондон «бургутлари» финалда «Райо Вальекано»ни (1:0) мағлуб этиб, Конференциялар лигаси ғолибига айланишди. «Кристал Пэлас» учун бу сўнгги бир йил ичида қўлга киритилган учинчи йирик совриндир. 2025 йилда лондонликлар Англия кубоги ва Англия Суперкубогида зафар қучишган эди.
Сентябрь ойида «Кристал Пэлас» ташкил топганига 121 йил тўлади. 119 йилдан зиёд вақт мобайнида клуб тарихида бирорта ҳам йирик соврин бўлмаган — фақат қуйи дивизионлардаги титуллар билан чекланиб қолинган. Энди эса «бургутлар» бир йил ичида уч марта нуфузли совринни бошлари узра баланд кўтаришди.
«Кристал Пэлас» ушбу учта совриннинг барчасини Оливер Гласнер бошчилигида қўлга киритди. Австриялик мутахассис мавсум якунлангач, клубдан кетишга қарор қилганини анча аввал эълон қилган эди.













