Германия терма жамоаси собиқ сардори Филипп Лам бўлажак Жаҳон чемпионати учун миллий жамоанинг асосий таркиби борасида ўз қарашлари билан ўртоқлашди. Лам ўз таҳлилида «Бавария» ярим ҳимоячиси Йозуа Киммихнинг ролига ва тактик схемаларга алоҳида тўхталиб ўтди.
«Йозуа Киммих бутун мавсумни ярим ҳимояда ўтказди. У Александар Павлович билан бирга кўплаб ўйинларда иштирок этди ва «Бавария» фақатгина Чемпионлар лигаси ярим финалида кескин курашлар остида мусобақани тарк этди. Киммих кўп йиллардан бери ярим ҳимояда энг юқори даражадаги ўйинни намойиш этиб келмоқда. Мен Нойер, Та ва Киммихдан иборат жамоа ўзагини бузиб, уни ўнг қанот ҳимоясига ўтказмаган бўлардим. Шу боис, уни ярим ҳимояда қолдирган бўлардим.
2014 йилги Жаҳон чемпионатида биз баъзида қанотларда иккита марказий ҳимоячидан фойдалангандик. Бу ҳам бўлиши мумкин бўлган вариант. Менимча, Вальдемар Антон ўнг қанотда ўйнаши мумкин. Чап қанотда эса бизда ҳужумкор Давид Раум бор. Ҳимояга кўпроқ эътибор қаратадиган Антон билан биз мувозанатга эришамиз: бир томондан ҳужумкор фаоллик ва иккинчи томондан мудофаа барқарорлиги», — дея Ламнинг сўзларини келтирмоқда ижтимоий тармоқдаги Bayern & Germany саҳифаси.
ЖЧ-2026 гуруҳ босқичида Германия терма жамоаси «E» гуруҳида Кюрасао, Кот-д’Ивуар ва Эквадор билан куч синашади. Турнир 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтади.













