Журналист Жанлука Ди Марцио сайтининг хабар беришича, «Ливерпуль» «Ювентус» нишонида турган дарвозабон Алиссонни жамоада сақлаб қолмоқчи. Инглиз клуби 33 ёшли бразилиялик посбон 2027 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган шартномаси муддатини тўлиқ якунлашини истамоқда.
Аввалроқ ОАВда Турин клуби Алиссонга йилига 5 миллион евро маош тўланадиган уч йиллик шартнома таклиф қилишга тайёрлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. «Transfermarkt» портали футболчининг трансфер қийматини 17 миллион еврога баҳоламоқда.
Алиссон 2018 йилдан буён «Ливерпуль» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. 2025/26 йилги мавсумда 33 ёшли бразилиялик дарвозабон барча мусобақаларда 35 та ўйинда майдонга тушди. У шулардан 13 тасида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган ва жами 37 та гол ўтказиб юборган.













