Лондоннинг «Арсенал» клуби бош мураббийи Микель Артета АПЛдаги ғалаба жамоага Чемпионлар лигаси финалида ўзига бўлган ишончни оширишга ёрдам беришини таъкидлади.
«Арсенал» кетма-кет уч мавсум иккинчи ўринни эгаллаганидан сўнг, ниҳоят Англия чемпионига айланди. Энди «тўпчилар» 30 май, шанба куни Будапештда бўлиб ўтадиган ЕЧЛ финалида «ПСЖ» билан тўқнаш келишади.
«Кимдир у ерда, юқорида сайёраларни шу воқеа содир бўлиши учун жойлаштирган шекилли. Бошқа мавсумларда ҳам муваффақиятга яқин эдик, лекин нимадир етишмасди. Бу сафар эса бошиданоқ ҳиссиётлар бошқача эди, лекин биз аввалгидек барқарорликни сақлаб қолдик.
Мақсадга жуда яқин келишимизга ишончим комил эди. Ғалаба қозониш кўп омилларга боғлиқ, лекин менинг вазифам — футболчиларни ўзларини энг зўри деб ҳисоблашларига ишонтириш эди, чунки шубҳали лаҳзалар ҳам бўлди. Мен уларга қувват бериб, бу ҳаётларидаги энг яхши давр эканини айтдим.
Елкангиздан тоғ ағдарилганида, қувонч ва енгилликни ҳис қиласиз. Энди бизда бу соврин бор ва биз бу ҳиссиётлар, умид ва иштиёқ тўлқинидан Чемпионлар лигасида ғолиб чиқиш йўлида фойдаланишимиз керак», — дейди Артета Marca нашрига.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча Артета Британиянинг BBC корпорацияси томонидан «АПЛнинг 2025/2026 йилги мавсумидаги энг яхши мураббийи» деб топилди.













