Ҳужумчи Маркус Рэшфорд ҳали ҳам «Манчестер Юнайтед»дан «Барселона»га тўлиқ трансфер қилиниши мумкин. Бу ҳақда журналист Саймон Стоун хабар бермоқда.
Манбанинг маълумотларига кўра, «кўк-анорранглилар»да Рэшфордни 30 миллион евро эвазига сотиб олиш ҳуқуқини фаоллаштириш учун 15 июнгача вақт бор. Таъкидланишича, айни дамда «Барселона» асосий эътиборини Энтони Гордон билан боғлиқ битимни якунлашга қаратган, чунки у ҳам қанотда, ҳам марказий ҳужумда ўйнай олади, қолаверса, у ёшроқ ва камроқ маош олади.
Шунга қарамай, бу икки трансфер бир-бирига боғлиқ эмас ва Рэшфорд ҳамон каталонияликлар учун таркибни кучайтириш вариантларидан бири бўлиб қолмоқда. Эслатиб ўтамиз, 28 ёшли вингер ўтган мавсумда барча турнирларда 49 та ўйин ўтказиб, 14 та гол урган ва 14 та голли узатмага муаллифлик қилган.













