«Комо» ҳужумкор ярим ҳимоячиси Николас Пас тез орада Мадриднинг «Реал» клубига қайтади. «Қироллик клуби» ўз тарбияланувчисини қайтариб сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланишга қарор қилди.
Журналист Хосе Феликс Диаснинг хабар беришича, аргентиналик футболчининг қайтиши ҳақида расмий маълумот 7 июнь куни бўлиб ўтадиган «Реал» президенти сайловларидан кейин эълон қилинади.
Маълум бўлишича, «қаймоқранглилар» Николас Пасни бор-йўғи 9 миллион евро эвазига сотиб олишлари мумкин (шартномадаги тегишли бандга кўра). Айни пайтда А Сериянинг 21 ёшли юлдузининг бозор қиймати Transfermarkt портали томонидан 80 миллион еврога баҳоланмоқда.
Ўтган мавсумда Пас Сеск Фабрегас бошқарувидаги жамоа сафида 40 та ўйинда майдонга тушиб, 13 та гол ва 8 та голли узатмага муаллифлик қилди.













