Испания терма жамоаси ҳамда “Барселона” клуби ярим ҳимоячиси Гави навбатдаги жаҳон чемпионати, ундаги асосий даъвогарлар ва шахсий мукофотлар борасидаги ўз тахминлари билан ўртоқлашди.
Испаниялик иқтидор эгасининг фикрича, бўлажак турнирда бош совринни айнан Испания қўлга киритади. Иккинчи ўрин масаласида эса ярим ҳимоячи Португалия терма жамоасининг имкониятларини юқори баҳолаган. Шунингдек, Гави Эквадор термасини мусобақанинг бош кашфиёти бўлишини тахмин қилди.
Мундиалнинг энг яхши тўпурари ким бўлиши ҳақидаги саволга футболчи қуйидагича жавоб берган:
“Ушбу совринга ўз жамоадошларимдан бири эга чиқишини жуда ҳам хоҳлар эдим. Бу борада Микел Ойярсабалнинг имкониятларини юқорироқ баҳолаган бўлардим”, — дейди Гави.
Ярим ҳимоячи, шунингдек, Португалия терма жамоаси аъзоси Жоау Феликс мусобақада барчани ҳайрон қолдириши мумкинлигини таъкидлаган. Футбол оламининг энг нуфузли шахсий соврини — “Олтин тўп” борасида тўхталар экан, Гави ушбу мукофотни жамоадоши Ламин Ямал қўлга киритишидан умидворлигини билдирди.
Суҳбат якунида ёш юлдуз ўзининг ушбу совринга лойиқлиги борасидаги саволга камтарлик билан жавоб қайтарди. Унинг фикрича, бундай юқори чўққиларни забт этиш учун унда ҳали вақт етарли ва бунинг учун кўпроқ меҳнат қилиши лозим.













