Мадриднинг «Реал» клуби ярим ҳимоячиси Дани Себальос фаолиятини бошқа жамоада давом эттиришга ҳозирлик кўрмоқда. Испаниялик футболчининг «қироллик клуби» билан амалдаги шартномаси бир йилдан кейин ўз якунига етади, бироқ у ёзги трансферлар ойнасидаёқ жамоадан кетишга қарор қилган.
Журналист Николо Скиранинг хабар беришича, 29 ёшли футболчига «Бетис» клуби жиддий қизиқиш билдирмоқда ва томонлар аллақачон музокараларни бошлаб юборишган. Эслатиб ўтамиз, Дани Себальос ўз фаолиятини айнан «Бетис»да бошлаган. 2017 йилда севильяликлар ўз тарбияланувчисини 16,5 миллион евро эвазига «Реал»га сотишган эди. Умуман олганда, ярим ҳимоячи Мадрид клуби сафида барча турнирларда 215 та учрашув ўтказди, жорий мавсумда эса майдонга 23 бор тушди.













