Мадриднинг «Реал» клуби президенти Флорентино Перес жамоа ҳужумчиси Винисиус Жуниор билан янги шартнома имзолаш борасидаги миш-мишларга ойдинлик киритди.
Бразилиялик футболчининг амалдаги шартномаси якунланишига бир йил қолгани ва томонлар ҳали янги келишувга эришмагани футбол жамоатчилигида турли саволларни келтириб чиқармоқда. Бироқ Перес бу борада шошмаслик кераклигини таъкидлади.
«Винисиуснинг шартнома муддати тугашига ҳали вақт бор. Шахсан мен унинг клубда абадий қолишини истайман. У «Реал»га сўнгги иккита Чемпионлар Лигаси кубогини тақдим этди ва жамоамиз тизимига жуда яхши мослашган. Уни ёқтирмайдиганлар — фақат «Реал» мухлиси бўлмаган одамлардир», — деди Перес.
Маълумот учун, Винисиус Жуниор «Реал» сафига 2018 йилда «Фламенго»дан 45 миллион евро эвазига келиб қўшилган эди. Унинг мадридликлар билан амалдаги шартномаси 2027 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган.
Жорий 2025/26 йилги мавсумда бразилиялик вингер мадридликлар таркибида барча мусобақаларда 53 та учрашув ўтказиб, 22 та гол урди ва 14 та голли узатмага муаллифлик қилди.













