«ПСЖ»нинг Чемпионлар лигасидаги ғалабаси Францияда оммавий тартибсизликларга сабаб бўлди.
Чемпионлар лигаси финалида «ПСЖ»нинг «Арсенал» устидан қозонилган ғалабаси (асосий вақтда 1:1, пенальтилар сериясида 4:3) Франция бўйлаб оммавий тартибсизликларни келтириб чиқарди.
Ички ишлар вазири Лоран Нуньеснинг маълумотига кўра, 416 киши ҳибсга олинган, улардан 283 нафари Парижда қўлга олинган. Шунингдек, тўқнашувлар давомида 7 нафар полициячи жароҳатланган, улардан бирининг аҳволи оғир.
Мухлисларга қарши курашиш учун 22 000 полициячи ва жандарм сафарбар этилган, шундан 8 000 нафари пойтахтда фаолият юритган. Париж полицияси мухлислардан 24 та файер ва юзлаб петардаларни мусоддара қилганини маълум қилди. Тартибсизликлар давомида Порт-де-Сен-Клу ҳудудида 6 та автомобиль, битта новвойхона ва ресторанга шикаст етказилган.
AFP репортёрининг сўзларига кўра, шаҳарнинг жанубида мухлислар тинимсиз равишда фейерверклар отишган, сўнгра ўт ўчириш машинасига ҳужум қилишган.
«Муаммо футболда эмас, балки байрам қилишда. Йирик ғалабаларга доим зўравонликлар соя солади», — дея вазиятга изоҳ берди Париж полиция касаба уюшмаси вакили Фабьен Боге.













