«Мальорка» қанот ҳужумчиси Хан Вирхили «Барселона»га қайтиши мумкин. Бу ҳақда журналист Альфредо Мартинес хабар бермоқда.
Манбанинг маълумотларига кўра, «кўк-анорранглилар» 19 ёшли футболчини 7,2 миллион евро эвазига қайта сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланишни кўриб чиқмоқда. «Мальорка» Ла Лигадан тушиб кетгани сабабли, Вирхилининг шартномасидаги товон пули 30 миллиондан 12 миллион еврогача пасайган, бу эса ўз навбатида қайта сотиб олиш суммасининг ҳам камайишига олиб келган.
Таъкидланишича, «Барселона» Вирхилини сотиб олиб, кейинчалик уни қимматроқ нархга сотиб юбориш ёки бошқа бирор трансфер келишувига қўшиш учун фойдаланиши мумкин.
Якунланган мавсумда вингер барча мусобақаларда жами 34 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол урди ва 6 та голли узатмага муаллифлик қилди.













