Лондон кўчаларида айни дамда «Арсенал» футбол клубининг чемпионлик паради бўлиб ўтмоқда. BBC хабарига кўра, Премьер-лига ғолибига айланган жамоа аъзолари махсус автобусда шаҳар бўйлаб юриш қилиб, ўз мухлислари билан зафарни нишонламоқда.
Миллионлаб мухлислар қуршовида ўтаётган ушбу тадбир клуб тарихидаги муҳим воқеалардан бири ҳисобланади. Боиси, «канонирлар» Англия чемпионатида сўнгги бор 2003/04 йилги мавсумда, афсонавий Арсен Венгер қўл остида зафар қучган эди. Ўшанда Арсен Венгер шогирдлари турнирни бирорта мағлубиятсиз якунлаб, «енгилмас»лар номи билан тарихга киришганди. Орадан ўтган 22 йилдан зиёд вақтдан сўнг жамоа яна Премьер-лига шоҳсупасига кўтарилди.
Қайд этиш жоизки, байрам тантаналари «Арсенал» учун бироз ўзгача руҳда ўтмоқда. Кеча, 30 май куни лондонликлар Чемпионлар Лигаси финалида «ПСЖ»га қарши баҳс олиб бориб, драматик кечган ўйинда пенальтилар сериясида имкониятни бой бериб қўйишди (асосий вақт 1:1). Шунга қарамай, АПЛдаги муваффақият мухлислар учун катта байрамга айланди ва жамоа мавсумни муносиб тарзда ёпмоқда.













