Италиянинг «Интер» клубига ҳимоя чизиғини кучайтириш учун Давид Алаба ва Харри Магуайр номзодлари таклиф этилди. Бу ҳақда «Gazzetta dello Sport» нашри хабар бермоқда.
Ёзги трансфер ойнасида фаол бўлиши кутилаётган «нерадзуррилар» раҳбарияти айни дамда мудофаани мустаҳкамлаш вариантларини кўриб чиқмоқда. Сўнгги ҳафталарда бир қатор футбол агентлари клуб спорт директори Пьеро Аузилиога тажрибали ҳимоячилар хизматини таклиф қила бошлашган.
Рўйхатнинг бошида турган 33 ёшли Давид Алабанинг «Реал Мадрид» билан шартномаси якунига етгани боис, у эркин агент мақомида турибди. Унинг тенгдоши, «Манчестер Юнайтед» аъзоси Харри Магуайр эса клубда етарли ўйин амалиётига эга бўлаётганига қарамай, Англия терма жамоаси қайдномасидан ташқарида қолмоқда.
Шунга қарамай, Милан гранди ушбу икки юлдузни сотиб олиш фикридан йироқ. Клубнинг янги хўжайини — Oaktree компанияси ҳамда спорт раҳбарияти жамоани ёшартириш ва узоқ муддатли лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилган. Шу сабабли, Алаба ва Магуайрнинг ёши ҳамда уларнинг юқори маош талаблари «Интер»нинг ҳозирги трансфер сиёсати ва молиявий моделига тўғри келмайди.
Амалдаги Италия чемпионларининг диққат марказида эса бошқа футболчи турибди. Клуб «Удинезе» сафида «Ред Булл Зальцбург»дан сўнг порлаб чиққан умидли ҳимоячи Умар Солени ўз сафига қўшиб олмоқчи. 25 миллион еврога баҳоланаётган франциялик футболчининг трансферини амалга ошириш учун «Интер» ўзининг 23 ёшгача бўлган жамоаси вакилларидан бирини сотиб юборишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, «Рома» ҳимоячиси Эван Н'Дика ҳам универсаллиги туфайли миланликларнинг шорт-листидан жой олган.













