«Манчестер Сити»нинг собиқ бош мураббийи Хосеп Гвардиола яқин келажакда клуб миқёсидаги ишга қайтиш ниятида эмас. Бу ҳақда The Mirror хабар бермоқда.
«Интер Майами» хўжайини Дэвид Бекхэм Хавьер Маскерано кетганидан сўнг 55 ёшли мутахассисни жамоага бош мураббий сифатида таклиф қилмоқчи бўлган эди. МЛСда иштирок этувчи клуб раҳбарияти испаниялик мураббий билан ҳамкорликни Шимолий Америкада ўтаётган 2026 йилги жаҳон чемпионати вақтида муҳокама қилишни режалаштирганди.
Манбага кўра, Гвардиола музокараларга қизиқиш билдирмаяпти. Мураббий «Манчестер Сити»даги ўн йиллик фаолиятидан сўнг карьерасида узоқ муддатли танаффус олишни ва бу вақтни оиласига бағишлашни мақсад қилган.
Шунингдек, мутахассис дам олиш вақтида футболдан бутунлай узоқлашишни истагани учун жаҳон чемпионати ўйинларига боришни ҳам режалаштирмаётгани таъкидланмоқда.













