«Реал» дарвозабони Тибо Куртуа профессионал фаолиятини бошлаган «Генк» клубининг миноритар акциядорига айланди. Бельгиялик футболчи клубга ўзи ҳаммуассиси ҳисобланган NXTPLAY инвестиция платформаси орқали маблағ киритди.
Таъкидланишича, Куртуанинг платформаси билан ҳамкорлик «Генк»ка қўшимча равишда 60 миллион еврогача даромад келтириши мумкин. Келишув доирасида NXTPLAY клуб директорлар кенгашида ўз вакилига эга бўлади.
«Мен бутун ҳаётим давомида мукаммалликка интилганман. «Генк»да мен ўша иштиёқ ва ўша амбицияларни ҳис қиламан. Ушбу инвестициялар туфайли мен ўзимни уйга қайтгандек ҳис қилдим. Мен клубга ўсишга ва спорт борасидаги амбицияларини мустаҳкамлашга ёрдам бермоқчиман. Лимбургдан Европа чўққиларигача», — деди Куртуа.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Куртуа Испания 3-лигасига чиққан «Эстремадура 1924», шунингдек, кейинги мавсумда Лига 1да ўйнайдиган «Ле-Ман» клубларига ҳам инвестиция киритган эди.













