«Ливерпуль» бош мураббийлик лавозимига тайинлаш учун Андони Ираола билан расмий музокараларни бошлашга ҳозирлик кўрмоқда.
ESPN хабарига кўра, мерсисайдликлар раҳбарияти 43 ёшли испаниялик мутахассисни вакант лавозимга асосий номзод деб ҳисобламоқда. Ираола номзодининг устунликларидан бири шундаки, унинг молиявий талаблари клуб учун муаммо туғдирмайди.
«Борнмут»да ишлаган даврида мураббий йилига тахминан 10 миллион фунт стерлинг маош олишни кўзлаган эди. Ўшанда клуб бу талабларни қондира олмаган, аммо «Ливерпуль» унга худди шундай миқдордаги маошни таклиф қилишга тайёр. Аввалроқ Арне Слот ҳам айнан шунча маош олган.
Номзодлар қаторида «Штутгарт» устози Себастьян Хёнес ҳам қолмоқда, бироқ айни дамда айнан Ираола бу лавозим учун бош фаворит ҳисобланади.
«Ливерпуль» янги бош мураббий масаласини клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати бошланишидан аввал ҳал қилишни режалаштирмоқда. Бу мутахассисга жамоани 2026/2027 йилги мавсумга тўлиқ тайёрлаш ва ёзги трансферлар даврида таркибни шакллантиришда иштирок этиш имконини беради.













