«Манчестер Сити» собиқ сардори Бернарду Силва катта эҳтимол билан Мадриднинг «Атлетико» клубига ўтмайди. «Матрасчилар» 31 ёшли футболчига даъвогар асосий клублардан бири ҳисобланарди, аммо улар ўйинчини кўндира олишмади.
Журналист Херард Ромеронинг маълумотларига кўра, музокаралар муваффақиятсиз якунланган – Силва «Атлетико»га рад жавобини берди.
Ҳозирги вақтда ярим ҳимоячи учун фаолиятини давом эттиришдаги устувор вариант «Барселона» бўлиб қолмоқда. Айни дамда футболчи каталонияликлар томонидан битимнинг расмийлаштирилишини кутмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Силва «Манчестер Сити» сафида тўққиз йил тўп сургач, эркин агент сифатида клубни тарк этди. Ўтган мавсумда Бернарду инглиз жамоаси сафида барча турнирларда 53 та ўйин ўтказиб, учта гол ва бешта голли узатмани амалга оширган.













