«Шальке» дарвозабони Лорис Кариус яқин орада Германия клуби билан шартномасини узайтириши мумкин. Бу ҳақда Sky Sport Germany нашри хабар бермоқда. Томонлар музокараларнинг якуний босқичида бўлиб, янги битимнинг сўнгги тафсилотларини муҳокама қилишмоқда.
Таъкидланишича, дарвозабоннинг ўзи хориждан келган таклифларга қарамай, фаолиятини Гельзенкирхенда давом эттиришдан манфаатдор. Янги шартнома молиявий шартларнинг яхшиланишини кўзда тутади. Келишув имзоланган тақдирда, Кариус жамоанинг энг кўп маош олувчи футболчиларидан бирига айланади.
31 ёшли дарвозабон «Шальке» сафига 2025 йилнинг январида келиб қўшилган эди. Якунланган мавсумда у Иккинчи Бундеслигада 30 та ўйинда майдонга тушиб, ўз дарвозасидан 24 та гол ўтказиб юборди.













