Бразилия терма жамоаси аъзоси Каземиро олдинда турган жаҳон чемпионати ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Турнир 11 июндан 19 июлгача Шимолий Америкада бўлиб ўтади.
«Биз асосий фаворит эмасмиз. Эҳтимол, бу сафар бироз ортда қолаётгандирмиз, аммо биз ҳушёрмиз ва бу ҳар доим ижобий ҳолат», — деди Каземиро ФИФА матбуот хизмати вакили билан суҳбатда.
34 ёшли футболчи мусобақага тайёргарлик жараёни осон кечмаганини таъкидлади: ўтган йили Бразилия футбол конфедерацияси бош мураббий этиб Карло Анчелоттини тайинлади ва янги президентни сайлади.
«Бу оғир давр бўлди: мураббийларнинг алмашиниши, президент ўзгариши ва кўплаб тўсқинликлар. Биз футболда катта тажрибага эга мураббий билан бир йил ишладик, лекин аслида жами бўлиб 40 кунгина бирга ишлаганмиз. Мен мусобақага аъло даражада тайёр ҳолатда келишимизга ишонаман. Таркибимизда савияли, тажрибали, шижоатли ва ёш ўйинчилар бор. Ўйлайманки, бу турнир учун бизда яхши мувозанат мавжуд», — деди ярим ҳимоячи.
Эслатиб ўтамиз, Бразилия гуруҳ босқичида Марокаш, Гаити ва Шотландия терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради.













