«Реал» президенти Флорентино Переснинг фикрича, 2025 йилги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати сабабли Мадрид жамоаси жорий мавсумда муваффақиятга эриша олмади.
«Бу мавсумдаги хатоларимиздан қандай хулоса чиқардик? Мен доимо айтаманки, футболда ва умуман спортда доим ҳам ғалаба қозонавермайсиз. Биз кутилган натижаларга эриша олмадик, аммо муаммоларни аниқлаб олдик.
Жамоа клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати туфайли мавсумолди тайёргарлигини тўлиқ ўтказа олмади ва бу бизга бутун йил давомида халақит берди. Мавсумнинг биринчи ярмида салкам 30 та жароҳат қайд этилди, уларнинг баъзилари узоқ муддатли бўлиб, бу ҳал қилувчи омилга айланди. Бу ўйинчиларнинг ёки мураббийларнинг айби эмас.
Барча шундай ҳолатлар сабабли ўз мақсадларимизга ета олмадик, аммо янги мавсум чақириқларини муносиб кутиб олиш учун ҳозирданоқ иш олиб бормоқдамиз», — дея Переснинг сўзларини келтиради Diario AS.
2025/26 йилги мавсумда «Реал» 86 очко жамғариб, Испания чемпионатида иккинчи ўринни эгаллади. Турнир ғолиби эса 94 очко билан «Барселона» бўлди.













