«Ювентус» ҳужумчиси Душан Влахович фаолиятини Англия Премьер-лигасида давом эттириши мумкин.
Tuttosport нашри хабарига кўра, сербиялик форвардга Лондоннинг «Челси» клуби қизиқиш билдирмоқда. Лондонликлар туринликлар лагерини тарк этишга яқин турган футболчи атрофидаги вазиятдан унумли фойдаланиб қолишни кўзламоқда. Шунингдек, Влаховичга Мадриднинг «Атлетико» ва Мюнхеннинг «Бавария» клублари ҳам даъвогарлик қилмоқда.
Қайд этилишича, ушбу клублар етарли молиявий имкониятларга эга ва бу уларга форвардга қизиқаётган бошқа бир даъвогар — «Наполи»ни курашда ортда қолдириш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ювентус» ва Влахович ўртасидаги янги шартнома бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолгани маълум бўлган эди. Шу сабабли, ҳужумчи шу ёзги трансфер ойнасидаёқ Турин клубини тарк этиши кутилмоқда.













