"Фиорентина" клуби бош мураббий Паоло Ваноли жамоани тарк этганини эълон қилди. У мавсумнинг ўта муваффақиятсиз стартидан сўнг жамоани А Сериядан тушиб кетишдан сақлаб қолишга муваффақ бўлган эди.
Мутахассис 2025 йилнинг ноябрь ойида истеъфога чиқарилган Стефано Пиолининг ўрнини эгаллаб, "бинафшаранглилар" бошқарувига келганди. Ўша пайтда жамоа чемпионатнинг дастлабки 10 та турида бирорта ҳам ғалабага эришмаган ва дуранглар эвазига бор-йўғи 4 очко жамғариб, турнир жадвалининг энг қуйисида бораётган эди. "Фиорентина" А Серия тарихида дастлабки 15 та ўйинда бирор марта ғалаба қозонмай туриб, якунда лигада жон сақлаб қолган биринчи жамоага айланди.
Шунга қарамай, клуб раҳбарияти мураббийга узоқ муддатли шартнома таклиф қилмади ва эндиликда унинг кетганини расман тасдиқлади.
Италия ОАВларининг хабарига кўра, Фабио Гроссо "Фиорентина"нинг янги бош мураббийига айланиши кутилмоқда. У бундан аввал "Сассуоло"ни Б Сериядан элитага олиб чиққан ва кейинчалик жамоанинг А Серия турнир жадвали ўрталаридан мустаҳкам жой олишига ёрдам берган эди.













