«Эвертон» ва Англия терма жамоаси дарвозабони Жордан Пикфорд — «Ювентус»нинг потенциал янги аъзосига айланиши мумкин. Турин клуби янги посбон қидирмоқда ва бундан, табиийки, агентлар яхши хабардор.
Журналист Николо Скиранинг маълумотига кўра, «кекса синьора»га воситачилар орқали инглиз дарвозабонининг хизматлари таклиф қилинган. А Серия гранди учун ушбу вариант қанчалик қизиқарли экани ҳозирча номаълум.
Ўтган йилнинг кузида Жордан Пикфорд «Эвертон» билан 2029 йилгача мўлжалланган янги шартнома имзолаган эди. Transfermarkt портали 32 ёшли футболчининг бозор қийматини 13 миллион еврога баҳоламоқда.
Бундан аввалроқ «Ювентус» Премьер-лиганинг бошқа бир таниқли дарвозабони — «Астон Вилла» шарафини ҳимоя қилаётган Эмилиано Мартинесга қизиқиш билдираётгани ҳақида хабар берилган эди.













