«Милан» дарвозабони Майк Меньяннинг келажаги номаълумлигича қолмоқда. La Gazzetta dello Sport нашрининг хабар беришича, франциялик посбон яқин орада янги клуб танлаш борасида бир қарорга келмоқчи эмас.
Меньян «Милан»нинг муваффақиятсиз мавсумидан сўнг жамоани тарк этиши мумкин бўлган футболчилардан бири ҳисобланади. Эслатиб ўтамиз, «россонерилар» якунланган мавсум натижаларига кўра Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга кирита олишмади.
30 ёшли дарвозабонга Лондоннинг «Челси» клуби аллақачон жиддий қизиқиш билдириб келади. Бундан ташқари, сўнгги ҳафталарда Италия матбуотида дарвоза чизиғини кучайтириш йўлларини излаётган «Ювентус» томонидан ҳам қизиқиш борлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Футболчининг ўзи эса қарор қабул қилишга шошилмаяпти. Бунга сабаблардан бири — унинг Франция терма жамоаси сафида Жаҳон чемпионатида иштирок этаётганидир. Шунингдек, Меньян «Милан»га янги бош мураббий тайинланмагунча якуний қарорини эълон қилиши даргумон экани айтилмоқда.













