Ҳужумчи Энтони Гордон Жаҳон чемпионати учун Англия терма жамоасида 18-рақамни олди. Футболчидан ушбу рақам захира футболчиси мақомини англатишидан хавотирда ёки йўқлиги ҳақида сўрашди.
«Менимча, таркибимизга назар ташласангиз, исталган футболчини 1 дан 11 гача бўлган позицияларга қўйиш мумкин. Барчамиз етарлича кучлимиз. Ҳар бир ўйинчида кўплаб жиҳатлар бўйича ўзини энг зўри деб ҳисоблаш учун асослар бор. Шундай экан, рақам мен учун мутлақо аҳамиятсиз. Мен бу ерда Англия учун ғалаба қозониш учун турибман. Мен учун ўзим ёки шахсий манфаатларим биринчи ўринда эмас. Гап мен ҳақимда кетмаяпти, гап жамоа ҳақида. Шунинг учун менга хоҳлаган рақамингизни беришингиз мумкин», — деди Гордон talkSPORTга.
Англия терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги илк учрашувини 17 июнь куни Хорватияга қарши ўтказади.













